Даволаш иши

 

Урология кафедраси ўқув базаси бўлмиш Республика ихтисослаштирилган урология марказида ҳозирги вақтда маслаҳат поликлиникаси, катталар ва болалар урологияси стационар бўлимлари, нефрология ва гемодиализ, интенсив терапия, рентгенология ва радиология бўлимлари, клиник, биокимёвий ва бактериологик лаборатория бўлимлари, ҳамда жаррохлик йўли билан даволаш бўлимлари аҳолига юқори малакали хизмат кўрсатиб келмоқда.

Стационар бўлимида беморлар курацияси

Ушбу бўлимларда Европанинг етакчи давлатларида қўлланилаётган замонавий ташхислаш ва даволаш йўлларидан бугунги кунда кафедрамиз ходимлари ҳам кенг фойдаланишади. 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 264-сонли қарори, Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг даволаш ва ташхислаш стандартлари бўйича ишлаб чиққан буйруқлари асосида кафедра ва марказ ходимлари ислоҳотларни жадаллик билан олиб боришмоқда.

Айни кунларда муассасамизда урологик касалликлар билан оғриган беморларнинг 80 фоизи эндоскопик усуллар билан даволанмоқда. Мавжуд асбоб-ускуналардан унумли фойдаланиш механизми жуда юқори. Давлатимиз раҳбари ва хукумат қарорлари асосида кўпгина ислоҳотларни бажариш юзасидан фаолиятлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Марказ биносидаги шарт-шароитлар, беморларга кўрсатилаётган сифатли тиббий хизмат турлари йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

 

Экстракорпорал зарба тўлқинли литотрипсия усули

Шуниси қувонарлики, марказимизда охирги йиллар давомида кўп учрайдиган урологик касалликларни, айниқса сийдик тош касаллиги ва уретра облитерациясини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги усуллари тадбиқ этилмоқда.

Жумладан, тош сабабли юзага келган сийдик найи обструкцияси билан уйғунлашган буйракдаги тошни даволаш усули. Бу тоифадаги беморларни даволашда асосий мақсад тананинг мушак қобиғини зарарламаган ҳолда сийдик найи ва буйракдаги тошларни бир вақтда олиб ташлаш ва суправезикал обструкцияни бартараф этишдан иборат. Ушбу талабларга каминвазив усуллар ва биз таклиф этаётган тошни сийдик найидан буйракка кўтариш ва шу билан бир вақтда перкутан нефролитотомия жараёнида уларни олиб ташлаш усули муносибдир.

Ўзбекистон Республикасида сийдик тош касаллиги худудий патология ҳисобланади, кўп ҳолларда аъзонинг фаолиятини бузилишига ва қовжирашига олиб келувчи буйракда жойлашган маржонсимон ва кўп сонли тошлар кузатилади. Одатда бундай тошлар очиқ амалиёт йўли ёки бир неча маротаба эндоурололгик йўл билан олинар эди. Ҳозирда, урология марказида қўлланилаётган янги такомиллашган эндоскопик усул буйракка теридан бир неча кириш йўли орқали тошларни бир операция даврида олиб ташлашга имкон яратди. Бундай даволаш тактикаси беморлар ҳаёт сифатини оширади ва камхаражат усул ҳисобланади.

Эндоскопик жаррохлик хонаси

Ҳозирги кунда эришилган ютуклар, эндоурологик операция жараёнини якунлашда, одатдаги буйрак дренажини қўймасдан бажаришга шароит яратди. Бу услуб, операциядан кейинги даврда инфекция асоратлари ва оғриқни деярли кузатилмаслигига олиб келиб, беъморларни стационарда даволаш ва реабилитация даврини қисқартирди.

Турли сабабларга кўра юзага келган уретра облитерацияси билан оғриган беморлар мустақил сия олмайдилар ва умрбод цистостомик дренаж билан яшашларига тўғри келади. Марказда ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилган рентген назорати остида ўтказиладиган каминвазив эндоскопик реканализация усули бу оғир тоифадаги беморларни даволашда самарали ва безиён усул ҳисобланади. Бунда қўшимча амалиётлар ёрдамида беъморларнинг 60% дан зиёдроғи цистостомик дренаждан ҳалос этиладилар.

Урология марказида охирги 2 йил ичида йўлга қўйилган янги даволаш усули ретроперитонеоскопик усулдир. Хозирги кунга қадар 100 дан ортиқ беморларга ретроперитонеоскопик нефрэктомия, жом-сийдик найи сегментидаги торайишни бартараф этиш ва сийдик найидаги тошларни олиб ташлаш амалга оширилди. Усулни кенгайтириш мақсадида марказнинг 2 иқтидорли мутахассислари Европа мамлакатларида бир неча ойли тренинг олиб бориши кузда тутилган.

Ушбу янги даволаш усуллари қўлланилганда даволаниш учун маблағ тежалишига, операциядан кейинги даврни қисқаришига, беморларни эрта реабилитация қилишга ва иш қобилятини тикланишига, яшаш сифатини яхшилашга эришилади.

Шуниси қувонарлики, кафедра ходимлари томонидан охирги йиллар давомида болаларда учрайдиган урологик касалликларни, айниқса сийдик тош касаллигини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги усуллари тадбиқ этилмоқда, жумладан ташқи зарба тўлқинли литотрипсия ва тери орқали бажариладиган экдоскопик жарроҳлик амалиёти.