Урологик касалликлар кенг тарқалган хасталиклар сирасига киради. Айниқса, простата бези хавфсиз гипперплазияси, эректиль дисфункция, бепуштлик, буйрак саратони, ўт қопи саратони, пешобни тута олмаслик шулар жумласидан.
Шу боис, аҳолига урологик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, беморларни соғлом ҳаётга қайтаришда илғор муолажа усулларидан фойдаланиш муҳим. Бунинг учун замонавий технологиялар ва салоҳиятли кадрлар зарур, албатта.
— Жорий йил бошидан буён бир гуруҳ мутахассисларимиз АҚШ, Италия ва Ҳиндистон давлатларида малака ошириб қайтди, — дейди Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Шуҳрат Мухтаров. — Шунингдек, Россия ва Ҳиндистоннинг 2 тадан илғор клиникалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши ҳам соҳа ривожи учун муҳим қадамлар бўлди.
Марказимизда йил бошидан буён 3 минг 600 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Уларнинг 2 мингдан зиёди мураккаб операциялардир.
Яқинда муассасамизга Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Э. Ж. имтиёзли йўлланма асосида мурожаат қилди. У бир неча йилдан бери простата бези хавфсиз гиперплазиясидан азият чекиб келган.
Бемор пешоб қила олмагани учун ўз яшаш ҳудудида тери орқали цистостомия амалиётини бошдан ўтказгач, цистостомик дренаж билан яшаган.
Шундан сўнг 2020 йилда қилинган операциялар ҳам самарасиз бўлиб, у умрбод дренаж билан яшашига тўғри келаётган эди. Аммо урология марказида йўлга қўйилган илғор жарроҳлик амалиётлари беморни соғлом ҳаётга қайтариш имконини берди.
Э. Ж. да сунъий қовуқ ясаш операцияси ўтказилиб, 9 кундан сўнг унга амбулатор шароитда даволаниши учун шифохонадан жавоб берилди. Кўп ўтмай, бемор дренаждан халос бўлиб, ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланди.
Айтиш керакки, бундай лапароскопик амалиётлар бўйича Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.