Кафедра тарихи

Тошкент тиббиёт академияси урология кафедраси 1931 йил ташкил топган. Кафедра асосчиси – машхур жаррох, уролог, Россия урологияси асосчиси С.П.Федоров шогирди профессор Николай Семенович Перешивкин (1881-1933й.). 1920 йил Москвадан Тошкентга келгач, Ўрта Осиё Давлат Университети тиббиёт факультетининг ташкилотчиларидан бири бўлган. 1923 йил хирургия кафедраси мудири лавозимида ишлаб биринчи марта урологик беморлар учун ётоқ ўринлар ажратган ва Ўрта Осиёда урологик ёрдам кўрсатилишини бошлаб берган. Профессор Н.С.Перешивкин раҳбарлиги остида кафедрада ўлка патологияси ҳисобланган сийдик тош касаллиги ва уни тарқалиши ўрганилган. Н.С.Перешивкин билан биргаликда Д.А.Введенский, В.А.Доброхотов, Э.А.Фракман, С.М.Игрон ва бошқа мутахассислар ишлаганлар. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик республиканинг турли урологик бўлимларини раҳбари бўлиб ишлаганлар.


Урология кафедраси асосчиси,
кафедра мудири (1931-1933йиллар),
профессор, тиббиет фанлари доктори
Николай Семенович Перешивкин

1933-1954 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Дмитрий Алексеевич Введенский (1887-1956йй.) Тошкент тиббиёт институти урология кафедрасига раҳбарлик қилган. Профессор Д.А.Введенский клиник урологиянинг ривожланишига ва сийдик йўллари аъзолари касалликларини хирургик даволаш тактикаларини ишлаб чиқишда ўзининг катта ҳиссасини қўшган, чунончи, у кўп сонли сийдик тош касаллигида тошларни бир этапда олиб ташлашни тарғиб этганлардан бири бўлган. У иккижомли буйракларда геминефрэктомия операциясини бажариш амалиётини ишлаб чиққан. У 40 дан зиёд илмий ишлар муаллифи бўлган. Введенский Ўзбекистон урологлар жамиятининг биринчи раиси бўлган.

Кафедра мудири (1933-1954й),
профессор, тиббиёт фанлари доктори
Дмитрий Алексеевич Введенский

Д.А.Введенский урушга кетган вақтида кафедра мудири бўлиб Элеозар Абрамович Фракман (1894-1961йй.) ишлаган. У уретранинг орқа бўлими ўқотар қуролдан шикастланишлари даволаш масалаларини ва эркакларда сўзак ва унинг асоратларини даволаш тактикаларини ишлаб чиққан.

Кафедра мудири (1943-1945йй),
доцент, тиббиёт фанлари номзоди
Элеозар Абрамович Фракман

1955-1963 йилларда ТошДавТИ факультет хирургияси кафедраси қошидаги урология курсига профессор Иван Пантелеймонович Погорелко (1917-1964йй.) раҳбарлик қилган. У Ўзбекистонда урологиянинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. У 70 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этган. Улар асосан сийдик йўллари силини диагностикаси ва даволаш, ҳамда  сийдик тош касаллигини хирургик даволашда мушаклараро кесмани қўллаш масалаларига бағишланган. 1957- 1963 йилларда у Республика урологлар жамиятига раислик қилган.

Урология курси раҳбари (1955-1963йй.),
профессор, тиббиет фанлари доктори
Иван Пантелеймонович Погорелко

1964-1978 йилларда ТошДавТИ факультет хирургияси кафедраси қошидаги урология курсига профессор Татьяна Николаевна Позднякова (1920й.) раҳбарлик қилган. У кўп сонли уролитиазни бир моментли хирургик даволаш ҳамда сийдик йўлларидаги тошларнинг парчалаш ва эритиш масалаларига бағишланган 54 та илмий мақолалар чоп этган. 1971 йилда у ТошДавТИ урология кафедраси мудири этиб сайланган.

Кафедра мудири (1964-1978),
профессор, тиббиет фанлари доктори
Татьяна Николаевна Позднякова

1978-2007 йилларда кафедрага профессор Дмитрий Львович Арустамов (1942й.) раҳбарлик қилган. У 250дан ортиқ илмий ишлар, 2 та монография, 3 та илмий жамланмалар, 7 та методик тавсиялар, 9 та илмий кашфиёт муаллифи. Бу илмий ишлар асосан аъзолар трансплантологияси, сийдик тош касаллигини диагностикаси ва даволаш, уроонкология ва андрология масаларига бағишланган. Д.Л.Арустамов 9 та тиббиёт фанлари доктори ва 45 та тиббиёт фанлари номзодларини етиштириб чиққан. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний соврини лауреати ҳамда «Дўстлик» ордени совринига сазовор бўлган. Кафедрага рахбарлик қилиш билан бир вақтда у Республика урология маркази директори, Республика урологлар илмий жамиятининг раиси ва «Урология ва нефрологиянинг актуал масалалари» илмий жамланмаси редактори лавозимида ишлаб келган.

Кафедра мудири (1978-2007й.),
профессор, тиббиёт фанлари доктори
Дмитрий Львович Арустамов

 1991 йил ТошДавТИнинг қайта ташкил этилиши туфайли Биринчи ТошДавТИ тузилди ва урология кафедраси мудири этиб профессор, тиббиёт фанлари доктори Миркамол Мирсаматович Мирсаматов (1939-2010й.) тайинланди. У ҳам Ўзбекистон урологиясини ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган. У сийдик йўллари инфекцияси, сийдик тош касаллиги ва простата бези ҳавфсиз гиперплазияси диагностикаси ва даволаш масалаларига  бағишланган 100 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этган.

 

I-ТошДавТИ урология кафедраси мудири (1991-2005йй)
профессор, тиббиёт фанлари доктори
Мирсаматов Миркамол Мирсаматович

2007 йилдан бошлаб урология кафедрасига тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарход Атауллаевич Акилов рахбарлик қилиб келмоқда. У 1955 йил 26 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 1978 йил ТошДавТИ даволаш факультетини тугатган, 1978-1980 йиллар клиник ординатурада, 1982-1985 йиллар аспирантурада таҳсил олган. 1986 йил номзодлик диссертациясини (Клинико-иммунологический анализ острой почечной недостаточности акушерской этиологии), 1994 йил докторлик диссертациясини (Комплексная диагностика и тактика лечения неспецифических воспалительных заболеваний почек) ҳимоя қилган. У 150 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи,  Республика урологлар илмий жамиятининг раиси ва “Меҳнат шухрати” ордени лауреатидир.

2007 йилдан урология кафедраси мудири,
профессор, тиббиёт фанлари доктори
Фархад Атауллаевич Акилов